«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси 7 декабрь кунги Тошкент—Нукус рейсини 10 соат кечиктиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда Нукусга парвоз этиши керак бўлган «Дарё» мобил мухбири хабар берди.
Самолёт Тошкент аэропортидан тонгги 7:10 да силжиши керак бўлган. Парвоз вақти яқинлашиб қолганида у 8:40 га кўчирилган. Кейинроқ эса рейс 10:03 га, ундан кейин 11:00 га қадар сурилган. Якунда 17:30 вариантида тўхталинган.
Авиакомпаниянинг маълумотлар бериш хизматидан «Дарё» маълум қилишларича, қолган рейслар ўз вақтида амалга оширилган. Тошкент-Нукус рейси эса об-ҳавонинг ноқулайлиги учун ортга сурилган.
«Узгидромет» маълумотига кўра, бугун — 7 декабрь куни Нукусда об-ҳаво -2,3 даражани ташкил қилмоқда ва қор ёғади. Тошкент шаҳрида эса ҳаво ҳарорати 8—9 даража илиқ бўлади.
Эрта тонгда Тошкент ва унга туташ ҳудудларни қалин туман қоплаганди.