Ўзбекистонда давом этаётган Президент сайловида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун ташриф буюрган Латвия университети Академик кутубхонаси директори Вента Коцере ЎзАга берган интервьюсида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
«Ўзбекистонга ҳар гал келганимда бу ердаги оламшумул ўзгаришлар ҳавас уйғотади. Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан Ўзбекистонда аждодлар меросини асраб-авайлаш борасида амалга оширилган ишлар салмоғини кўриб ҳайратга тушмаслик мумкин эмас. 2014 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтган ‘Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти’ мавзуидаги халқаро конференцияда Ислом Каримов нутқи менда жуда катта таассурот қолдирган эди», — деди у.
«Бугун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтидаги 90 ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги 105-сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиб, Ўзбекистон халқи наинки ўтмишга ҳурмат, балки келажакка ҳам юксак ишонч билан қарашига амин бўлдим. Юқори ташкилий тайёргарлик, сайловчилар фаоллиги ҳамда мазкур жараён иштирокчиларининг ҳамжиҳатлиги сайловнинг муваффақиятли ўтказилишини таъминлайди, деб ўйлайман. Овоз бериш жараёнида нафақат сайловчилар, балки уларнинг фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Сайлов участкаларидаги она ва бола, тиббиёт хоналари, айтиш жоизки, сайлов тизимида нодир амалиётдир», — қўшимча қилди эксперт.
Изоҳ (0)