БМТ Хавфсизлик Кенгашининг КХДРга қарши янги санкциялар жорий этиш бўйича резолюцияси республика суверенитетига дахл қилишга уриниш бўлиб, мамлакат ҳукумати тегишли жавоб чораларини кўради. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги баёнот тарқатди, деб хабар беради «ТАСС».
30 ноябрь куни Хавфсизлик Кенгаши бир муддат илгари амалга оширилган ядровий синовлар муносабати билан КХДРга нисбатан янги чеклов чораларини кўриш бўйича 2321-рақамли резолюцияни қабул қилган эди. Шимолий Корея раҳбарияти ушбу ҳужжатга ўз норозилигини билдириб, жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди.
Резолюцияда кўзда тутилган чоралар сирасида Шимолий Кореядан йилига 4,5 миллион тонна миқдоридаги ёки 400,9 миллион доллар қийматидаги кўмир экспортини чеклаш ҳам бор.
Бу сингари чоралар бекор қилиниши учун Шимолий Корея раҳбариятидан ҳар қандай турдаги ядровий қурол ишланмалари ва синовларини тўхтатиш ҳамда ядровий қуролларни қисқартириш талаб этилмоқда.
Изоҳ (0)