Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили А. Ҳожибоев Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида сайловчилар билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакили йиғилганларни Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.
Дастурда мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини муттасил ошириб боришдек муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.
Сайловчилар дастурда Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқ учун муносиб турмуш шароитини яратиш ва бошқа йўналишлар юзасидан илгари сурилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда Шайхонтоҳур туманидаги «Қоратош» маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Р. Обидов, «Тинчлик» масъулияти чекланган жамияти раҳбари М. Мирилёсов ва бошқалар номзоднинг дастурида белгиланган устувор вазифалар хусусида фикр билдирди.
Учрашувда номзоднинг ишончли вакили сайловчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Изоҳ (0)