Таниқли испаниялик бизнесмен, Мексикада ва Пиреней ярим оролида тижорат билан шуғулланиб келган ва 31 август куни 98 ёшида оламдан ўтган Антонио Фернандес она қишлоғи — Сересалес-дель-Кондадода истиқомат қилувчи одамларни миллионерларга айлантирди. Бу ҳақда, The Daily Telegraph нашрига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ўз васиятида у 169 миллион фунт стерлинг (209 миллион доллар ёки 198 миллион евро) миқдоридаги суммани Леон провинциясидаги кичик қишлоқда доимий яшовчи 80 киши орасида тақсимлашга кўрсатма берди. Шу тариқа, Серелалеснинг ҳар бир фуқароси 2 миллион фунт стерлингдан кўпроқ пулга эга бўлди.
«Антониосиз нима қилар эдик, билмайман. Бизда бир песета ҳам бўлмаслигига ўрганиб қолганмиз», — деб изоҳ берди янгиликка қишлоқдаги ягона емакхона хўжайини Максимино Санчес.
Фернандес Сересалесда туғилиб ўсди. У бир умр пулдан қийналиб яшаган катта оиладаги 13 фарзанддан бири эди. Фернандес 14 ёшида мактабни ташлаб, ишлашга мажбур бўлган эди.
1949 йилда 32 ёшли Антонио Мексикага кўчиб ўтиб, Grupo Modelo пиво заводига ишга кирди. 1971 йилга келиб у компаниянинг ижрочи раҳбари лавозимини эгаллади. Айнан ушбу компания ишлаб чиқарувчи Corona пивоси халқаро брендга айланиб, компания даромадларини янги босқичга кўтарди. Фернандес 2005 йилда компания бошқаруви раиси лавозимини жиянига топширди.
Изоҳ (0)