Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши 23 ноябрь куни Ўзбекистон магистрал тармоқлари нимстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳасини 150 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштиришни тасдиқлади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади «Газета.uz».
Лойиҳа Тошкент ва Ўзбекистоннинг 10 вилоятидаги 22 та муҳим нимстанцияни реконструкция қилиш йўли билан энергетика сектори самарадорлигининг ошиши, шунингдек, фойдаланишга топшириш ва уларга техник хизмат кўрсатишдаги техник йўқотишлар ҳамда харажатларнинг камайишига хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида 110 киловольт/ўртача кучланишдаги мобил нимстанциялар ва электр узатиш магистрал тармоқларидаги узилишларни тезкор бартараф этиш учун зарур бўлган авариявий тиклаш тизимларини харид қилиш кўзда тутилмоқда. Янги технологиялар миллий энергия тизими барқарорлигини оширишга имкон туғдиради.
Электр энергияси самарадорлигини ошириш ва йўқотишлар даражасини қисқартириш эвазига Ўзбекистондаги 6 миллиондан зиёд оиланинг йиллик энергия истеъмолига тенг ҳажмдаги иссиқхона газлари чиқарилишини камайтиришга замин яратилади.
«Ўзбекэнерго» компанияси томонидан амалга ошириладиган лойиҳа Халқаро реконструкция ва тараққиёт банкининг 92 миллион доллар, Халқаро тараққиёт ассоциациясининг 58 миллион доллар миқдоридаги маблағлари эвазига молиялаштирилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)