Хитой Халқ Республикасининг Чэнду шаҳрида бўлиб ўтган Western China International Fair 2016 халқаро ярмаркасида 98 мамлакатдан 60 мингдан зиёд қатнашчи қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, мебель, қурилиш маҳсулотлари, ҳунармандлик ва қўл меҳнати буюмларини тақдим этди. Ўзбекистон тадбиркорларининг маҳсулотлари барчанинг эътиборини тортди, деб хабар беради ЎзА.
Миллий колорит билан безатилган Ўзбекистон павильони ўзига хос дизайни ва кенг ассортименти билан кўргазма иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар таклиф этган маҳсулот ва хизматларнинг юқори сифати, рақобатбардошлиги харидорларга маъқул бўлди.
Western China International Fair 2016 халқаро ярмаркаси Ўзбекистон тадбиркорлари учун чет эллик ишбилармонлар билан янги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш, мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажмини оширишга янги имкониятлар яратди. Ярмарка доирасида умумий қиймати 1,1 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланди. Қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича кўплаб келишувларга эришилди.
Изоҳ (0)