Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги «Сибур Арена» мажмуасида 17–18 ёшли боксчилар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг еттинчи кунида чорак финал жанглари ўтказилиб, ярим финалга йўлланма олган боксчилар номи маълум бўлди. Улар орасида 4 нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳам бор, дея маълум қилмоқда «Оламспорт».
-52 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Отабек Холматов чорак финал жангида Доминикана Республикаси вакили Луис Рейналдо Нуньесга қарши рингга кўтарилди. Ўсмирлар ўртасида Осиё вице-чемпиони бўлган Отабек Холматов рақибини 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
-56 килограмм вазндаги Шунқор Абдурасулов чорак финалда хитойлик Цзэн Цзянь Минни 3:2 ҳисобида енгиб, ярим финалга йўл олди. -60 килограмм вазнда қатнашаётган Билолбек Мирзараҳимов чорак финал жангида россиялик Беслан Хамзаевга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисобида зафар қучди.
-91 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан Шоҳруз Раҳимов чорак финал жангида англиялик Льюис Вильямсни 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
-75 килограмм вазн тоифасида ўз имкониятини синовдан ўтказган Шоҳрузбек Рустамов чорак финал жангида германиялик Везир Агирманга 1:4 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Қайд этиш жоиз, ярим финалга чиққан боксчиларнинг ҳар бири камида бронза медалини нақд қилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)