«Даракчи» газетаси актриса Асал Шодиева билан дилдан суҳбат қуриш истагида, уни меҳмонга чақиргани, Асал эса суҳбат учун қайнонаси Зебо Наврўзова билан бирга ташриф буюргани ҳақида ёзди. Қуйида улар томонидан берилган жавоблар тақдим этилди.
Ўзаро муносабатлар ҳақида
«Бу бизнинг ўртамиздаги туйғулар, орзулар ва ният эди. Шунинг учун ҳам тўй санасини, муносабатларни бегоналардан асраб-авайладик. Тўй куни эса бахтимизни кўпчилик билан баҳам кўрдик. Менимча, ҳаммаси кўнгилдагидек».Асал Шодиева турмуш қургунига қадар Шоҳруххон билан турли тадбирларда кўришиб тургани, ҳаммаси шундан бошланганини айтиб ўтган.
«Ишонасизми, оила қуриш таклифини ўзбекона урф-одатларимизга кўра совчилар келганидан кейин билганман. Бошида эса ҳамкасб, дўст бўлиб юргандик», — деди Шодиева.
«Шоҳрух ака мен учун идеал даражадаги инсон. У инсонни ҳали тўлиқ англаб етмаганман. Ўзига яраша сирли феъл-атворга эга. Ҳар қандай вазиятда уларга суянишим, ишонишим мумкин. Баъзида менга нотўғридек туюлган қарорлари ҳам охир-оқибат энг тўғри йўл эканлигига гувоҳ бўлганман. Шунинг учун ҳар бир қарорига ҳурмат билан муносабатдаман».
«Иккимиз ёлғиз қолганда бутунлай бошқа инсонларга айланамиз. Гапдан тинмаймиз. Кулгули воқеаларни эслаб, кулишиб, сира зерикмаймиз».
Келин ва қайнона ҳақида
«Ўзимни бахтли инсонлар қаторига қўшаман. Икки ўғлим менга келин эмас, қиз олиб келди. Шунинг учун ҳам бугун ишга шўнғиб кетганман», — деди Зебо Наврўзова.«Зебо опа тўйимизни кутиб турган эдилар, назаримда. Тўй ўтди-ю, ишга берилиб кетдилар. Ҳозир фақат тасвирга олиш ишлари, янги фильм ва сериаллар билан бандлар», — деб суҳбатга аралашди Асал. Жавобдаги «Зепо опа» эса журналистнинг эътиборини тортди.
«Ўзларидан рухсат сўраганман. Шу кунгача Зебо опа деб чақирганим учун, тўйдан кейин ойижон дейишга сира ўрганолмадим», — деб изоҳ берди Асал Шодиева. Ўз навбатида Зебо Наврўзова келинини қувватлади:
«Менинг ўзим ҳам қаршилик қилмадим. Инсонни қандай аташ муҳим эмас. Ўзига ёққандек мурожаат этаверсин. Ҳурмат бу билан ўлчанмайди-ку, тўғрими?»
«Асал жуда содда ва уятчан. Баъзида актрисага ҳам ўхшамайди, қандай қилиб рол ўйнаган экан, деб ажабланаман ҳам. Ҳаётдаги паст-баландликларни биргаликда енгиб ўтишимизга ишонаман. Мен эса касбимдан келиб чиқиб, жуда талабчанман. Вақт ўтиши билан бир-биримизни ўрганиб, бир-биримизга кўникиб бормоқдамиз».
Асал Шодиева кинода давом этадими?
«Тўйдан кейин турмуш ўртоғим ижод қилишимга рози бўлмадилар. Оилам билан, уй ишлари билан банд бўлишимни истадилар. Зебо опа менинг ёнимни олиб, ишлашимга розилик олиб бермоқдалар. Шоҳрух ака аниқ қарорга келмаганлар, шундай бўлса ҳам ойижонимиз кўмакларида кичик фотосессия, кичик лойиҳаларда иштирок этяпман», — деб жавоб берган актриса қайнонасига алоҳида раҳмат айтишни ҳам унутмади.«Асални ролга таклиф қилган ҳар қандай режиссёр биринчи галда мен ва Шоҳрухнинг олдидан ўтади. Сценарийларни ҳам аввал ўзимиз ўқиймиз. Бу Асалга ишончсизлик эмас. Унинг ўзи ҳам ролларни чертиб-чертиб танлашига ишонаман», — деди Шоҳруххоннинг онаси.
«Ҳозирда ‘Бахтли бўламиз’ сериалининг учинчи фасли суратга олиняпти. Ўғлим ва келиним учун унга махсус ўзгартириш киритдик. Чунки тасвирга олиш ишлари яқинлашганидан кейин Шоҳрух рол ўйнаш фикридан қайтиб қолди. Баъзи сюжетлар унга ёқмаган эмиш. Мен эса сценарийга ўзгартириш киритиб, унга бердим. Розилик олсам, иккаласи билан бирга ишлайман», — деди Зебо Наврўзова.
Асал Шодиева ўзи таниган ва билган оилага келин бўлиб тушганини, қайниукаларини ҳам аввалдан танигани ҳақида айтди. Йўл қўядиган айрим хато ва камчиликларни оила аъзолари кўмагида енгиб ўтаётгани ҳақида сўзлади.
Ўз навбатида қайнона бундай ҳолатларда келинига ёрдам беришга ваъда берди.
Изоҳ (0)