20 ноябрь куни Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатида, Канпур шаҳридан 100 километр нарида Индор-Патна экспрессининг 14 вагони рельслардан чиқиб кетди. Охирги маълумотларга қараганда, 116 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам яраланди. Қурбонлар сони ортиши мумкин. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Ушбу воқеадан сўнг «ТАСС» охирги уч йилда жаҳонда рўй берган энг йирик темир йўл транспорти ҳалокатларини ёдга олди.
2014 йил 22 апрелда Камина яқинидаги (Конго Демократик Республикаси) Катонгола кўпригида юзлаб ноқонуний йўловчини олиб кетаётган товар поездининг 15 та вагони рельслардан чиқиб кетди. 48 киши ҳалок бўлди, 150 ка яқин йўловчи жароҳатланди. Бу 2014 йилдаги энг кўп қурбонларга олиб келган темир йўл ҳалокати бўлди.
2015 йил 20 мартда Ҳиндистонда Деҳдарун – Банорас рейсини амалга ошираётган Janata Express йўловчи поездининг локомотиви ва икки вагони Рай-Барели округидаги (Уттар-Прадеш штати) Баҳраван станциясида рельслардан чиқиб кетди. 58 киши ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ одам жароҳатланди. Ҳиндистон темир йўл вазирлиги ахборотига кўра, ҳалокат поезд светофорнинг тақиқловчи сигналидан ўтиб кетгани туфайли рўй берган.
2015 йил 4 августда Харда шаҳри (Мадхья-Прадеш, Ҳиндистон) яқинидаги Мачак дарёси устидан ўтадиган кўприкда икки йўловчи поездининг тўқнашиб кетиши оқибатида 32 киши ҳалок бўлди, беш киши бедарак йўқолди, 40 дан ортиқ одам жароҳатланди. Темир йўл кўприги конструкциялари тошқин туфайли ювилиб кетган бўлиб, тескари йўналишларда кетаётган икки составнинг оғирлигини кўтара олмади. Оқибатда Мумбай – Банорас йўналишида кетаётган Kamayani Express поездининг олтита, Janata Express поездининг тўртта вагони рельслардан чиқиб кетди. Одамларнинг кўпчилиги ток уриши туфайли ҳалок бўлди.
2016 йил 12 июлда Бари шаҳри яқинидаги (Апулия вилояти, Италия) Корато ва Андрия аҳоли яшаш пунктлари орасида Ferrotramviaria компаниясининг икки шаҳар чети йўловчи электр поезди тўқнашиб кетди. Бунинг оқибатида 23 киши, шу жумладан, икки составнинг машинистлари ҳалок бўлди. Шунингдек, 54 киши жароҳат олди.
2016 йил 21 октябрда Camrail (Камерун темир йўллари) компанияси йўловчи поезди пойтахт Яундедан мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлмиш Дуалага кетаётганида Эсека шаҳри яқинида рельслардан чиқиб кетди. 79 киши ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ одам жароҳат олди. Қурбонларнинг кўплиги поезднинг тўлиб кетгани билан тушунтирилади — 600 кишига мўлжалланган состав 1300 йўловчини олиб кетаётган эди. Бундан ташқари, поезднинг катта тезликда кетаётгани ҳам ҳалокатнинг сабабларидан бири бўлди. Поезд соатига 80 километр тезлик билан кетаётган эди, йўлнинг ушбу қисмида эса ўртача тезлик икки баробар кам қилиб белгиланган. 2007 йилдан буён Африкада рўй берган энг йирик темир йўл транспорти ҳалокати ҳисобланади.
Изоҳ (0)