Кўпчилигимиз шунчаки тик туриш ва кутиш билан боғлиқ вазиятларга тез-тез дуч келамиз. Шифокор қабулидаги навбатда, иш ёки ўқув муассасасига йўл олган жамоат транспортида ёки зерикарли маърузада смартфонингиз ва тавсияларимиз ёрдамида вақтни унумли ўтказиш мумкин.
Агар сўз транспорт воситаси ҳақида бораётган бўлса, мусиқа оламига ғарқ бўлиш энг яхши ечим бўла олади. Телефонингизда янги қўшиқ тинглаш ёки уни яхши радиотўлқинга созлаш сиз учун қийинчилик туғдирмайди. Сифатли наушникларда севимли мусиқа тинглаш чарчоқдан халос бўлиш ва ҳаётий энергия билан таъминлашга ёрдам бериши исботланган.
Агар йўлингизда ўнқир-чўнқирлар бўлмаса, қизиқарли китоб ёки журнал мутолаа қилишингиз мумкин. Ҳозирги пайтда телефон ёрдамида ўқиш учун мўлжалланган кўплаб дастурлар — FB Reader, Google Китоблар ва бошқалар мавжуд.
Кўзларингиз чарчаган бўлса, аудиокитоблар мутолаанинг ўрнини боса олади. Профессионал диктор ва актёрлар томонидан овоз берилган бундай аудиокитоблар уларни ўқиш каби ортиқча меҳнат талаб қилмайди. Бунинг учун наушник ва плеер/мобил телефонга эга бўлишнинг ўзи кифоя. Бугунги кунда интернет орқали исталган китобнинг овозли версиясини юклаб олиш мумкин. Аудио-китоблар ёрдамида чет тиллардаги билимингизни оширишингиз ёки имтиҳон ва ишдаги ҳисоботга тайёрланиш мумкин.
Агар атрофингизда одамлар кўп бўлса, вақтни заковатингизни чархлаш учун сарфлашингиз мумкин. Кроссворд, сканвордлар ёки японча бошқотирма судокулар хотирани чархлаш учун ажойиб ва қизиқарли восита бўла олади. Уларнинг барчасини Google Play ёки App Store’дан юклаб олишингиз мумкин.
Изоҳ (0)