Боливия футбол федерацияси Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг Апелляцион қўмитасига мурожаат қилиб, ЖЧ–2018 саралашида мамлакат термаси ҳисобига ёзилган иккита техник мағлубиятини бекор қилишни сўради. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
ФИФА Боливия терма жамоасининг Перу ва Чилига қарши ЖЧ–2018 турнирига саралаш ўйинларида майдонга Парагвай термасида ўйнаган 33 ёшли Нелсон Кабрера тушгани учун мамлакат футбол федерациясини 0:3 ҳисобидаги техник мағлубиятлар билан жазолаганди. Бундан ташқари федерация 12 минг Швейцария франки миқдорида жаримага тортилди.
1 сентябрь куни Перуга қарши ўйинда Боливия термаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. 6 сентябрь куни Чили билан ўйинда эса Боливия 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Маълумот учун, Боливия терма жамоаси Жанубий Америка қитъасидан саралаш босқичи 12-туридан кейин 7 очко билан 10 терма жамоа орасида 9-ўринда бормоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)