Италиянинг «Милан» жамоаси ярим ҳимоячиси Кейсуке Хонда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клубидан таклиф олмаган ва миланликлар сафида қолмоқчи. Бу ҳақда япониялик футболчининг агенти ҳисобланган акаси Хироюки Хонда маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Аввалроқ «Шанхай СИПГ» клубининг янги бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш қишки трансфер ойнасида жамоа таркибини кучайтириб, Хонданинг номзодини кўриб чиқаётгани маълум бўлганди.
«Мен ‘Шанхай’ клубидан таклиф бўлгани ҳақида эшитдим, аммо бу маълумот қаердан пайдо бўлганини билмайман. Биз Хитойдан ҳеч қандай аниқ таклиф олмаганмиз. Хонда жисмонан тетик эканини ва нималарга қодир эканини яхши билади. Унинг ‘Милан’ билан амалдаги шартномаси жорий мавсумнинг охиригача мўлжалланган», – деди агент.
«Май ойида ‘Милан’ раҳбарияти билан келишувни узайтириш ҳақида муҳокама қилганмиз. Ҳозирча хўжайинларнинг ўзгаришини кутиб, улар нима истаётганини билиб олишимиз керак. Биз хотиржаммиз ва мавсум якунини кутамиз», – деб қўшимча қилди Хироюки Хонда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)