Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасининг 2016 йилги мавсуми якунига 2 та тур қолганида «Андижон» футбол клуби мусобақа жадвалида сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Бу эса жамоа мухлисларининг кайфиятини пир қилиб, улар футболчиларга очиқ мактуб йўллашга қарор қилди, деб ёзди «Championat.asia».
«Ишқибозлик борасида етакчи ўринда турадиган Андижон халқи ўз севимли жамоасини келаси мавсум ҳам Олий Лигада кўришни истайди. Биз мухлислар бўлиб ўтган ишлар ва салбий натижаларни бир четга суриб, бўлажак икки турда фақат ва фақат зафар қучишингизни истаймиз», — деб бошланган очиқ хат.
Маълум бўлишича, андижонлик футбол мухлислари клуб аъзолари билан очиқ мулоқот қилишни ҳам режалаштирганди, бироқ муҳим ўйинлар олдидан бу ҳолат футболчилар кайфиятига турлича таъсир ўтказиши инобатга олинган.
«Афсуски, сўнгги йилларда жамоамиз ўйинлари барча мухлислар кайфиятини пир қилиб келмоқда. Сизлардан ‘Обод’ ва ‘Навбаҳор’га қарши ўйинларда майдонга чиқиб, бор куч ва ғайратингизни ишга солишингизни сўраймиз. Вилоят обрўси, халқи учун чинаккамига курашишинглар шарт, сиз бунга мажбурсиз», — деган жумлаларни мактубда учратиш мумкин.
«Жамоамиз турнир жадвалида сўнгги ўринда бораётган бўлса-да, мухлислик ҳар доим юқори даражада бўлди. Биз андижонлик ишқибозлар ‘Обод’га қарши ўйинга ҳам ташриф буюриб, сизларни астойдил қўллаб турамиз. Футболда енгилмас рақибнинг ўзи йўқ. Шу йил Андижонда ‘Пахтакор’ни, Фарғонада эса ‘Нефтчи’ни енганимиз бунга мисол бўлсин. Биз мана шундай ҳужумкор ва жозибали ўйинни соғиндик. Бобур юрти Андижон, биз сенга берамиз жон! Олға, «Андижон», — деб очиқ хатга якун ясалган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)