18–20 ноябрь кунлари Тошкентда Словакия киноси кунлари бўлиб ўтади. Тадбирни Словакиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда «Ўзбеккино» миллий агентлиги ташкил этмоқда, деб хабар беради «Газета.uz».
Намойишлар Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтади. Кириш бепул.
18 ноябрь соат 18:30 да режиссёр Душан Ханакнинг «Мен севаман, сен севасан» фильми (1980) намойиш этилади. Ушбу фильм 1989 йилда Берлин Халқаро фестивалида энг яхши режиссура учун «Кумуш айиқ» мукофотини қўлга киритган.
19 ноябрь соат 17:00 да режиссёр Петер Соланнинг «Боксчи ва ўлим» фильми (1962) намойиш этилади. Фильм фашизм йилларида концлагерлар ҳаёти қандай кечганидан ҳикоя қилади.
Ниҳоят, 20 ноябрь соат 17:00 да «Дунай сўқмоғи» фильми (1989) намойиши бўлиб ўтади. Режиссёр — Милослав Лутер. Фильм урушдан кейинги йилларда яшаган икки дўстнинг ҳаётидан ҳикоя қилади.