Ўзбекистондаги тўрт олий ўқув юрти Erasmus+ дастури доирасида Европа Иттифоқи университетлари билан узоқ истиқболли ҳамкорликни йўлга қўяди. Бу ҳақда, Евроиттифоқнинг Тошкентдаги делегациясига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ҳамкорлик дастурида Гулистон давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали, Навоий давлат педагогика институти ва Нукус давлат педагогика институти иштирок этади.
Erasmus+ дастури танлови якунларига кўра Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг янги лойиҳаси молиялаштириладиган бўлди. Унинг негизида Жан Монне номидаги Европа ҳуқуқи ва сиёсати кафедраси ташкил этилади, шунингдек, магистратура учун янги фанлараро курс ишлаб чиқилади.
Жорий йилда Erasmus+ доирасида Ўзбекистон олий ўқув юртларининг салоҳиятини ривожлантириш бўйича еттита лойиҳа танлаб олинди. Тошкентдаги олти ҳамда республиканинг ўн минтақасидаги 16 олийгоҳ Европанинг 15 мамлакатида жойлашган 23 университет билан ҳамкорлик қилади. Ўзбекистоннинг 38 олийгоҳидан 240 вакил Европанинг 45 университетида стажировкадан ўтиши мумкин бўлади. Шунингдек, Европадан 100 га яқин ўқитувчи ва докторант маърузалар ўқиш, тадқиқотлар ўтказиш ва тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради.
Изоҳ (0)