Фарғона вилояти офтальмология шифохонасида Корея Республикасининг Vision Care Serviсe халқаро ташкилоти офтальмолог-шифокорлари аҳолини тиббий текширувдан ўтказмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди соҳага оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш, бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Германиянинг Friedensdorf International халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Save the Children халқаро фонди ва бошқа муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида туғма юрак нуқсони, қўл-оёқ бўғимлари, тери куйиши асоратлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган бир гуруҳ болалар бепул соғломлаштирилди.
Ўтган йили мазкур шифохонада кореялик шифокорлар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказган эди. Кўрик давомида 100 дан ортиқ бемордаги катаракта бартараф этилди ва кўз гавҳари сунъийсига алмаштирилди.
Бу йилги акцияда ҳам ушбу вилоятлардан келган беморлар Жанубий Кореянинг малакали шифокорлари кўригидан ўтказилмоқда. Аниқланган касалликлар жарроҳлик амалиёти билан бартараф этилмоқда.
Фарғона вилояти офтальмология шифохонасидаги шароитлар, замонавий асбоб-ускуналар тиббий кўрикнинг самарали ўтишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жанубий Кореядан келган малакали шифокорлар томонидан ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари вилоят шифокорларининг тажриба ва маҳоратини янада оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)