7 ноябрь куни АҚШ элчиси Памела Спратлен Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ташриф буюриб, турли мавзудаги китобларни совға қилди. Бу ҳақда «Дарё»га АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда университет ректори Ғанишер Раҳимов иштирок этди.
Ҳадя қилинган китоблардан Жаҳон тиллари университети қошидаги Чет тилларини ўқитишда инновацион услубларни ривожлантириш республика илмий-амалий марказига ташриф буюрувчилар ҳамда университет талаба ва профессорлари фойдаланиши мумкин.
Чет тилларини ўқитишда инновацион услубларни ривожлантириш республика илмий-амалий марказига 460 китоб ҳадя қилинди. Улар орасида ўқитувчиларга мўлжалланган замонавий, амалий фаолиятга оид қўлланмалар, иккинчи тилни ўзлаштиришга оид китоблар, инглиз тилини иккинчи хорижий тил сифатида ўргатиш бўйича таниқли муаллифларнинг грамматика ва методикага оид китоблари бор.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига эса 712 китоб ҳадя қилинган бўлиб, улар ўқитувчиларга мўлжалланган замонавий, амалий фаолиятга оид қўлланмалар, инглиз тили грамматикаси ва методикага оид китоблар, машҳур муаллифлар қаламига мансуб бадиий асарлардан иборатдир.
Изоҳ (0)