Машинасидан KitKat шоколади ўғирланган ҳамда ўғри томонидан узр хати ташлаб кетилиши орқали шуҳратга эришган АҚШлик талабага 6,5 минг шоколад батони совға қилинди. Воқеа ҳақида TJournal батафсил ҳикоя қилиб берди.
2016 йилнинг октябрь ойида америкалик талаба Хантер Жоббинс Twitter’даги саҳифасига номаълум кимса томонидан ташлаб кетилган хатнинг суратини жойлади. Хат муаллифи унинг беркитилмаган машинаси ичига кириб, KitKat шоколадини яхши кўргани учун уни ўғирлаганини ва бошқа ҳеч нарсага қўл теккизмаганини маълум қилди.
Бир ҳафта давомида ушбу суратни 180 мингдан ортиқ фойдаланувчи бўлишди.
АҚШда KitKat шоколадини ишлаб чиқарувчи Ҳершей компанияси Twitter орқали талабанинг ўғирланган шоколадидан дарҳол хабар топиб, унга бошқа шоколад юборишни ваъда қилди. Аммо Жоббинс битта шоколад ўрнига бир йўла 6,5 минг дона шоколад қабул қилиб олди. Талаба машинаси шоколад қутиларига тўла суратни ижтимоий тармоқларига жойлади.
Twitter’даги баъзи фойдаланувчилар мазкур воқеани KitKat’нинг вирусли рекламаси эканини билдирди. Лекин Хантер Жоббинс бу изоҳларга эътибор қаратмади. Унинг сўзларига кўра, у шоколадни бошқа талабалар ва дўстлари билан бўлишди.
Изоҳ (0)