Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп сайлов штабида «махфий сиёсий қурол» бор. Бу Лондонда жойлашган Cambridge Analytica фирмаси бўлиб, у сентябрь ойида ўз хизматлари учун 5 миллион доллардан зиёд маблағни қўлга киритди. Бу ҳақда CNN телекомпаниясига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Cambridge Analytica ўз мутахассислари турли таҳлил услублари ёрдамида америкалик сайловчиларни 8 ноябрь кунги умумий сайловларда Трампга овоз беришга кўндиришга қодир эканлигини таъкидламоқда. Хусусан, фирма ходимлари тахминан 5 мингта турли параметрларни ўрганиш асосида одамнинг психологик портретини яратади. Сиёсий майл, индивидуумнинг аввалги сайловларда қандай овоз бергани, телевизор орқали қандай кўрсатувлар кўриши, қаердан қандай маҳсулотлар сотиб олиши каби жиҳатлар ҳисобга олинади.
Сўнг сайловчига аноним психологик тестдан ўтиш таклиф қилинади, бунда унинг очиқлиги, ҳалоллиги, қонунга риоя қилиши ва асаббузарликларга мойиллиги аниқланади. Бу эса потенциал тарафдорга оптимал даражада индивидуал ёндашувни топишда ёрдам беради.
CNN хабарига кўра, аввалроқ Cambridge Analytica Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига сайловолди пойгадаги собиқ рақиби Тед Крузга ишлаган. Техас штатидан сенатор фирмага 5,8 миллион доллардан зиёд пул тўлаган, шунга қарамай, у дастлабки сайловлар мавсуми натижаларига кўра, миллиардердан ортда қолди.
Изоҳ (0)