Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувни «Навоий иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамияти бош директори Қ. Ғаниев очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Унда ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.
Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Навоий шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Меҳнат фахрийси Ҳ. Маматов, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси «Навоий машинасозлик заводи» ишлаб чиқариш бирлашмаси директори Н. Лаккай, Навоий шаҳридаги «Экспресс-сервис» масъулияти чекланган жамият директори Ш. Исмоилов, Учқудуқ қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси С. Равшанова, Томди тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Т. Медетов, Навбаҳор туманидаги «Сарбозор» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Н. Қўлдошева ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)