Бош прокуратура томонидан тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳ фаолияти доирасида Савдо-саноат палатаси ҳамда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувлардан кўзланган мақсад — тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган тизимли муаммоларни ва мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича таклифларни йиғиш ва умумлаштириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш.
Ўтказилган учрашувларда капитал қурилиш, улгуржи ва чакана савдо, хизматлар кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фермерлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, захирага ғамлаш ва экспорт қилиш, енгил ва пойабзал саноати, қурилиш материаллари ва технологик ускуналари ишлаб чиқариш, молия ва банк хизматларини кўрсатиш, заргарлик саноати ва бошқа соҳаларда фаолият юритиб келаётган 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.
Учрашувлар давомида иштирокчиларга амалдаги қонунчилик меъёрлари, уларни яқинда қабул қилинган қонун ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш истиқболлари тушунтирилди, шунингдек, тадбиркорлар ўртасида аноним сўровнома ўтказилди.
Тадбирлар якунига кўра тадбиркорлар томонидан қайд этилган муаммоларнинг рўйхати тузилиб, улар тармоқлар ва соҳалар бўйича тизимлаштирилди, уларни бартараф этиш бўйича таҳлиллар амалга оширилмоқда ҳамда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Ўтказилган учрашувлар тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилиб, бу ўринда суҳбатлар давомида улар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш борасида кўрилган чоралар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонла маҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сон Фармонини ижобий баҳолашини таъкидлади.
Энг яхши таклиф муаллифлари ўз таклифларини амалга ошириш борасидаги аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишда бевосита қатнашиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)