Миср марказий банки мамлакатдаги доллар тақчиллиги ва иқтисодий муаммолар туфайли миллий пул бирлиги — фунтни эркин баҳоланувчи валютага айлантирди. Шундан сўнг Миср фунтининг АҚШ долларига нисбатан курси учдан бирга тушиб кетди, деб хабар беради «РБК».
Марказий банк вакиллари миллий валютани либераллаштириш қарори «халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлаган ислоҳотлар дастури»нинг бир қисми эканлигини айтди. Мамлакат Халқаро валюта жамғармасидан 12 миллиард доллар кредит кутмоқда.
Мисрда 1 долларнинг расмий курси 8,8 фунтга тенг эди. Валюта эркинлаштирилганидан сўнг марказий банк курсни 13 фунт/1 доллар қилиб белгилади. Шу тариқа, девальвация 32 фоизни ташкил этди.
Аммо Миср банкларида доллар сотиб олиш қаттиқ чеклангани боис маҳаллий бизнес кўпроқ қора бозорга мурожаат қила бошлаган эди. Охирги маълумотларга кўра, қора валюта бозорида курс 18 фунтга 1 долларни ташкил қилган.
Изоҳ (0)