Агар Англия ва Шотландия футболчилари ўзаро учрашувни лола-қизғалдоқ тасвири туширилган футболкаларда ўтказиш фикридан қайтмаса, ФИФА ушбу мамлакатлар терма жамоаларига қарши энг жиддий санкцияларни қўллаши мумкин. Бу ҳақда ФИФА бош котиби Фотима Самура баёнот берди, деб хабар қилади «ТАСС».
Англия ва Шотландия терма жамоалари 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари доирасида «Уэмбли»да учрашув ўтказади. Ўйин 11 ноябрь куни бўлиб ўтади. Ушбу кун Британия ҳамдўстлиги мамлакатларининг ҳарбий ихтилофларда ҳалок бўлган аскарларни ёдга олиш куни ҳисобланади. Лола-қизғалдоқ Британияда ҳарбий ихтилофлар қурбонлари рамзи ҳисобланади.
ФИФА лола-қизғалдоқ сиёсий рамз эканлигини айтиб, ушбу рамз туширилган футболкада ўйин ўтказишни тақиқлади. ФИФА қоидаларига мувофиқ, футболчиларнинг либосларидаги тасвирлар диний ёки сиёсий маънога эга бўлиши керак эмас.
Аммо Англия ва Шотландия футбол уюшмалари ўша куни футболчиларнинг енгларида лола-қизғалдоқ тасвири бўлишини ва ФИФА тақиқи уларни тўхтатмаслигини маълум қилди.
Изоҳ (0)