Тошкентда Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси якунланди. Форумда Буюк Британия, Германия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби давлатлардаги фирма ва компанияларнинг 1300 дан ортиқ вакили қатнашиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш бўйича шартномалар тузди, деб хабар қилади ЎзА.
Ўтган йилги форумда саноат кооперацияси асосида маҳсулот харид қилиш бўйича 11,8 триллион сўмлик, экспорт бўйича 8,3 миллиард долларлик шартномалар тузилган эди. Жорий йилда маҳсулот сотиб олиш бўйича шартномалар қиймати ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб 1,16 марта ошди.
Кооперация биржаси иштирокчилари ривожланиш истиқболларини белгилаш, келгуси йил учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштириш ва буюртмалар портфелини шакллантириш имконига эга бўлди.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси икки босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг март-июнь ойларида ҳудудларда ташкил этилган ўн учта ана шундай тадбирда 5 мингдан ортиқ саноат корхонаси қатнашди. Улар ўртасида маҳсулот етказиб бериш ҳамда саноат кооперацияси борасида миқдори бир триллион сўмликдан кўпроқ шартномалар имзоланди. Тоғ-кон ускуналари, боғдорчиликка мўлжалланган мини-тракторлар, электр генераторлари, тиббиёт жиҳозлари, юқори сифатли мой ва керамика маҳсулотлари ва бошқа таклифлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Иккинчи босқичда мамлакатнинг қарийб 3 мингдан ортиқ корхона, компания ва ташкилотлари томонидан машинасозлик, автомобилсозлик, электр техникаси, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа тармоқларнинг 22 мингдан зиёд номдаги тайёр маҳсулотлари, бутловчи буюмлар ва материаллари тақдим этилди. Уларнинг мингдан зиёди янги ўзлаштирилган.
Ўн кун давом этган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг элликдан зиёд марказлаштирилган тақдимотлари ўтказилди. Мамлакат ҳудудлари тақдимотида маҳаллий ресурсларни ўзлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда саноат тармоқларининг асосий корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини янада ривожлантириш ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси якунида корхона, компания ва ташкилотларнинг тақдимотлари турли номинациялар бўйича баҳоланиб, фаол иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланди. Ҳудудларнинг энг яхши тақдимоти номинациясида Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари пешқадамлик қилган бўлса, энг яхши тақдимот ўтказган ташкилот сифатида Навоий кон-металлургия комбинати, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти эълон қилинди.
Изоҳ (0)