«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Бастиан Швайнштайгер жорий мавсумда биринчи марта асосий жамоа билан машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда, клуб матбуот хизматига асосланиб, «Чемпионат» хабар бермоқда.
Жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньо германиялик футболчини машғулотлардан четлаштирган эди. Португалиялик мутахассиснинг фикрича, Швайнштайгер талаб қилинаётган даражада ўйин кўрсата олмайди ва шу туфайли ўзига янги жамоа қидириши лозим. Шу пайтга қадар ярим ҳимоячи индивидуал дастур бўйича, шунингдек, дубль билан ишлаб келган эди.
Моуриньо, шунингдек, футболчига ёшлар жамоасида ўйнашни ҳам тақиқлаган эди.