Ажрашиш жараёнида бўлиб турган америкалик актёрлар Анжелина Жоли ва Брэд Питт Янги Орлеан (Луизиана штати)даги уч қаватли уйини 4,9 миллион долларга сотиб юборди. Бу ҳақда Associated Press агентлигига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Уй адолатли нархга сотилди. Бу ҳар икки томон учун яхши келишув бўлди», – деб мол-мулк агентлиги ходими Нина Кайллин сўзларидан иқтибос келтиради Associated Press.
Питт ва Жоли 1830 йилларда қурилган ушбу уйни 2007 йили 3,5 миллион долларга сотиб олганди. Унда бешта ётоқхона, учта ҳожатхона ва иккита ваннахона бор.
Анжелина Жоли ажрашишга ариза бергач, фарзандлари билан Голливуддаги данғиллама ҳовлисидан Малибудаги қишлоқларга хос уйига кўчиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 20 сентябрь куни Анжелина Жолининг адвокати унинг мижози Брэд Питт билан ажрашмоқчи эканини тасдиқлади. Никоҳни бекор қилиш учун асос сифатида актриса эри билан, хусусан, болаларни тарбиялаш масаласида жиддий ихтилофдалигини билдирган.
Маълумот учун, 2004 йилдан буён учрашиб юрган Жоли ва Питт 2014 йилда никоҳдан ўтган эди. Жуфтлик уч фарзанд кўрган, шунингдек, уч болани асраб олган.
Изоҳ (0)