Бухорода Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Республика техник ва амалий спорт турлари маркази томонидан ракета модели спорти бўйича мамлакат кубоги мусобақаси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мусобақада 100 га яқин ёш иштирокчи қатнашди. Унда ёшлар ўзлари тайёрлаган қаттиқ қанотли, тасма билан учадиган, ротор ёрдамида парвоз қиладиган ракета моделлари ва ракета модель нусхалари, радио бошқарувли ракета планерларни учириш маҳоратини намойиш этди.
Яратилган моделлар техник стандарт талабларига мослиги, парвознинг давомийлиги ва ракетадаги қутқарув тизимининг муваффақиятли қўнишни таъминлаши каби мезонлар бўйича ғолиблар аниқланди.
Тошкент шаҳридан Билол Сатторов, Азим Домлажонов, Наманган вилоятидан Носир Абдураҳимов, Фарғона вилоятидан Валерий Варданян, Сирдарё вилоятидан Олга Ибрагимова биринчи ўринни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида ғолиблик пойтахтлик ракета моделчиларига насиб этди. Наманган ва Бухоро вилоятлари вакиллари иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)