Тель-Авивда «Ўзбекистонда Президент сайлови: барқарорлик ва бунёдкорлик курсининг изчиллиги» мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда исроиллик сиёсатшунослар, депутатлар, академик доиралар вакиллари иштирок этди, деб хабар беради «Жаҳон».
Мулоқот майдонида иштирокчилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, конституцион ислоҳотлар, сайлов тизимини такомиллаштириш ва либераллаштириш учун қабул қилинаётган қонунчилик актлари, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини кенгайтириш ва сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасидаги ишлар ҳақида бохабар этилди.
Шу билан бир қаторда, исроиллик экспертлар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг сайловни тайёрлаш ва ўтказиш борасидаги фаолияти билан таништирилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда барқарор сиёсий тизим яратилган, сайлов қонунчилигининг самарадор, умумқабул қилинган демократия меъёр ва стандартларига жавоб берадиган модели шаклланган.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қонун устуворлигини таъминлаш, парламентаризм ва кўп партиявийликни ривожлантиришга қаратилган босқичма-босқич конституцион ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади.
Экспертлар Президент сайлови конституцион нормаларга мувофиқ, демократик принципларга риоя этилган ҳолда ўтказилишига ишонч билдирди.
Александр Цинкер, Сайлов тизимлари халқаро экспертлик маркази президенти:
«Ўзбекистонда мустақил ривожланиш йилларида қонунчиликни ҳар томонлама либераллаштириш, сайлов жараёнини конституцион бошқаришни такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилди. Ҳуқуқий актларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар пировардида мамлакатда энг юқори демократик стандартларга жавоб берувчи ҳамда очиқ сайловларни ўтказишни таъминлашга қаратилган миллий сайлов тизимининг шаклланишига замин яратди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, яқинлашаётган президентлик сайлови жамиятни бирлаштирувчи омилга ҳамда Ўзбекистон ривожидаги янги босқичнинг бошланиш нуқтасига айланади. Овоз бериш якунлари халқ иродасини ифодалашнинг олий шакли сифатида фуқаролик ишончи индекси ҳамда мамлакат раҳбариятининг қўллаб-қувватланиш даражасини акс эттиради».
Йоэль Развозов, Исроил Кнессети депутати:
«Ўзбекистонда охирги йилларда тизимли янгиланиш ҳамда сайлов тизимининг ислоҳ этилиши давом этмоқда. Сайлов қонунчилиги миллий ҳуқуқий актлар йиғиндисигагина асосланиб қолмай, ўз ичига илғор хорижий тажрибани ҳам олади. Конституцион ислоҳот эса республикада олиб борилаётган демократик тузумни мустаҳкамлаш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш курсининг муҳим таркибий қисмига айланди.
Ўзгаришлар давомида кўп партиявийликни ривожлантириш бўйича муҳим қадам ташланди. Ҳозирги босқичда партиялар фуқаролик жамиятининг мустақил институти сифатида давлат ҳокимиятининг амалга оширилишида муҳим роль ўйнамоқда. Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат Президентлигига барча номзодлар учун бир хил шароитлар яратилган.
Умуман олганда, Ўзбекистонда яратилган сайлов тизими адолатли ва очиқ президентлик сайловининг ўтказилишини кафолатлайди».
Владимер Месамед, Қуддус университети профессори:
«Бугунги кунда Ўзбекистонда демократик ва шаффоф сайловларни ўтказиш учун салмоқли норматив-ҳуқуқий база яратилган. Республикада сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, сайлов жараёнини либераллаштириш, кўп партиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.
Ҳозирги президентлик сайлови жаҳон ҳамжамиятининг қизиқишини уйғотмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий давлат сифатида минтақавий хавфсизлик архитектурасида ҳал қилувчи ўрин тутади ҳамда ушбу географик маконда сиёсий ва социал-иқтисодий жараёнларнинг ривожланишига улкан таъсир ўтказади.
Сайлов кампанияси фаол босқичга ўтди. Сайловолди силсиласининг барча босқичлари мавжуд қонунчилик доирасида демократик меъёрларга риоя этилган ҳолда ўтмоқда».
Изоҳ (0)