Ўзбек Миллий академик драма театрида «Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси» танловининг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк, Меҳнат вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Тадбиркор аёл» уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилаётган «Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси» танлови қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борадаги илғор ташаббус ва лойиҳаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради, дейилади хабарда.
«Танлов доирасида бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди, — деди Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Инобат Каримова. — Ҳар бир ҳудудда касб-ҳунар коллежларини битираётган қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи штаблар ташкил этилди. Улар томонидан қизлар ўртасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бу борада қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот бериш масалаларига бағишланган ўқув семинарлари ўтказилди. Семинарлар давомида минглаб битирувчи қизлар ўзларининг бизнес лойиҳаларини шакллантирди».
Мазкур танловнинг ҳудудий босқичларида «Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа», «Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа», «Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши лойиҳа» сингари йўналишларда тўрт ярим мингдан ортиқ қиз ўз бизнес лойиҳаси билан иштирок этди. Ҳудудий босқичларда юқори баҳоланган 82 лойиҳа танловнинг мамлакат босқичига тақдим этилди.
Жорий йилда Олмалиқ тиббиёт касб-ҳунар коллежини тамомлаган оққўрғонлик Диёра Санақулова ҳам мазкур танловда сули ёрмасидан нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инновацион лойиҳаси билан иштирок этди. У тижорат банкларидан олти ярим миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, осон ҳазм бўладиган, таркибида холестерин моддаси бўлмаган нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Танлов натижаларига кўра «Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа», «Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа», «Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши лойиҳа» номинациялари бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом, тижорат банкларининг сертификатлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.
Изоҳ (0)