«Атлетико» ҳужумчиси Антуан Гризманнинг маслаҳатчиси Эрик Ольхатс франциялик футболчи «Олтин тўп–2016» мукофотини қўлга кирита олишига ишонмаётганини айтди. Бу ҳақда «Чемпионат» хабар бермоқда.
«‘Олтин тўп’ни қўлга кирита олмаслигимизни биламиз. Бу сафар совринни Криштиану Роналду олади. Агар индивидуал маҳорат инобатга олинганида, вазият бошқача бўлиши мумкин эди. Лекин Роналду ЕЧЛ ғолиби ва Европа чемпиони бўлди», – деди Ольхатс.
Аввалроқ France Football нашри «Олтин тўп–2016» мукофотига даъвогар барча футболчиларнинг исмини эълон қилганди. Улар орасида Антуан Гризманн ҳам бор.
2015/16 йилги мавсумда франциялик ҳужумчи «Атлетико» билан ЕЧЛ финалида «Реал»га, Евро–2016 финалида эса Португалияга имкониятни бой берганди.
Маълумот учун, Гризманн Ла Лиганинг 2015/16 йилги мавсумидаги энг яхши футболчиси бўлди.
Изоҳ (0)