Global Finance молиявий журнали World’s Best Private Banks Awards-2017 премияси ғолибларининг рўйхатини эълон қилди. Ушбу мукофот ҳар йили жаҳоннинг энг яхши хусусий банкларига топширилади, деб маълум қилади «РБК».
Журнал жаҳоннинг энг яхши хусусий банки деб Швейцариянинг энг йирик молиявий конгломерати бўлмиш UBS’ни тан олди. Ўтган йили UBS’га киришнинг минимал кўрсаткичи 2 миллион долларни ташкил қилди. Banker журнали 2014 йили UBS Wealth Management’ни хусусий банкинг соҳасида энг яхши деб топган эди.
Номинациялар бўйича ғолиблар молиявий кўрсаткичлар, маркетинг тадқиқотлари, банкирлар билан маслаҳатлашувлар, шунингдек, мижозларнинг баҳолари асосида аниқланди. Энг яхши бутик-банк деб Швейцариянинг Banque Syz, энг яхши инновацион банки деб АҚШнинг Citi, ривожланаётган бозорларнинг энг яхши банки деб Бразилиянинг Itaú Unibanco, инвестиция учун энг яхши банк деб Сингапурнинг United Overseas Bank (UOB) банки топилди. Бундан ташқари, Northern Trust (АҚШ) тадбиркорлар учун, Morgan Stanley (АҚШ) топ-менежерлар учун энг яхши банкка айланди. DBS Bank (Сингапур) миллениаллар (1981 йилдан кейин туғилганлар авлоди) учун энг яхши банк деб тан олинди.
Бундан ташқари, 1 миллион доллардан камроқ капитал учун энг яхши хусусий банк деб Испаниянинг Santander, 1–25 миллион долларлик капитал учун энг яхши хусусий банк деб DBS Bank, 25 миллион доллардан ортиқ капитал учун энг яхши банк деб эса АҚШнинг JP Morgan банклари топилди.
Бошқа номинациялар: Марказий ва Шарқий Европанинг энг яхши банки — Unicredit (Италия), Россияда — «Сбербанк». Raiffeisen Bank Руминия ва Хорватияда энг яхши деб топилди. Швейцариянинг энг яхши банкига эса Julius Baer айланди. Яна бир Швейцария банки — Credit Suisse Япониянинг энг яхши хусусий молиявий ташкилоти бўлди.
Изоҳ (0)