Тошкентда Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатнинг барча тармоқлари ва етакчи корхоналари иштирок этмоқда. Қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, автомобилсозлик, машинасозлик, озиқ-овқат, электротехника ва фармацевтика саноати шулар жумласидан. Иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқараётган ёки ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқда. Барча вилоятлар ўзларида мавжуд бўлган, бироқ ҳали талаб даражасида фойдаланилмаётган иқтисодий, молиявий, меҳнат ресурсларини ва истиқболли лойиҳаларни таклиф этмоқда.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилишида ушбу тадбирлар хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар бериш, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, хорижий компанияларга кўплаб янгиликлар тақдим этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўтган ўн йил давомида мазкур тадбирлар ўз самарасини бергани боис маҳсулотлар тури 20 мингдан ошиб, иштирокчилар 7 баробар, шартномалар тузилиши 11 баробар ўсди. 2015 йилда Германия, Буюк Британия, Чехия, Канада, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Туркия каби 55 мамлакатдан бир минг уч юздан ортиқ компания вакиллари иштирок этиб, 8,3 миллиард долларлик шартномалар имзоланган эди. Бу йил Ўзбекистондаги 2500 дан ортиқ корхона, компания, ташкилот ва кичик бизнес субъекти ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Хорижлик қатнашчилар сони эса 1300 нафардан ошди. Унда машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика каби соҳаларга доир 24 минг турдан ортиқ тайёр маҳсулот, бутловчи буюм ва материаллар намойиш қилинмоқда. Маълумотларга кўра, 2015–2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш давлат дастури ҳамда 2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидандир. Мамлакат саноат ишлаб чиқариши ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар кўрсаткичларининг изчил ўсаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Ярмаркада «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси таркибига кирадиган корхоналар элликдан ортиқ турдаги маҳсулотларини намойиш этмоқда. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мамлакат саноат комплексининг бошқа тармоқлари билан кооперация алоқаларини ривожлантириш асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда.
«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ҳам ярмаркада фаол иштирок этмоқда. Жамиятнинг маҳаллийлаштирилган ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлари 80 дан ортиқ бўлиб, шундан 13 турдагиси янги ўзлаштирилган.
Мазкур форум доирасида мамлакатнинг етакчи саноат корхоналари ўз тақдимотларини ўтказади.
Ишлаб чиқариш корхоналарининг секторлар бўйича жойлаштирилгани, павильонларда эълон қилинган маълумотлар тадбирлар иштирокчиларига ўзларини қизиқтирган объектлар, расмий вакилларни тез топиш имконини бермоқда.
Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)