Наманган вилояти ўлкашунослик музейида ёш ҳунарманд-кулол Маржона Абдуллажонованинг илк шахсий кўргазмаси ташкил этилди. У «Ислом бобомни хотирлаб» деб номланган, деб хабар беради ЎзА.
Вилоят ҳокимлиги, Республика «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда Биринчи Президент Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қадриятларни тиклаш, ривожлантириш, аждодлар қолдирган бой илмий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган алоҳида эътибор таъкидланди.
Маржона Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Қизилёзи қишлоғидаги 36-умумтаълим мактабининг 9-синфида таҳсил олади. Кулоллик сирларини қишлоғида ҳайкалтарош уста Фармон Исомовдан ўрганган. 2010 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, наққош ва мусаввир Асқарали Акбаров, чинни идишлар устаси Неъматжон Солиев, миниатюра ва кулолчилик устаси Рустамжон Абдураҳмонов каби ҳунармандлардан соҳа сирларини ўрганмоқда.
Кўргазмада Маржонанинг юздан зиёд ижодий намуналари намойиш этилди. Унинг «Мустаҳкам оила», «Қамчиқ туннели», «Кексалар гурунги» деб номланган бадиий композицияли сопол асарлари, миллий ҳайкалчалар, кўзача-ю идишлари мухлису мутахассислар эътиборини тортмоқда.
«Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб ишлаган буюмларимни Ўзбекистонимизнинг барча ёшларини менинг фарзандларим, деб алқаган ва бутун умрини ёш авлод камолоти учун шароит яратишга бағишлаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга совға қилишни ният қилган эдим, — деди Маржона. — Афсуски, бу орзуим армонга айланди. Бироқ Ислом бобомиз бизнинг қалбимизда мангу яшайди. Уларнинг порлоқ хотиралари ҳурмати Биринчи Президентимиз орзу қилганидек Ўзбекистоннинг буюк келажаги йўлида сидқидилдан ўқиймиз ва меҳнат қиламиз».
Изоҳ (0)