Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловолди дастурида давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш масаласига эътибор қаратишини айтиб ўтди. Унинг партия VIII Қурултойидаги маърузаси матни партия расмий сайтида чоп этилди.
«Давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш ҳам эътиборимиз марказидаги масалалардандир. Айни шу сабабдан сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши учун бор кучимизни сафарбар этамиз», — таъкидлади Наримон Умаров.
«Биз вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни ёқлаймиз. Шунингдек, ҳокимиятнинг барча даражадаги бошқарув органлари вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида ўзаро очиқ мулоқот ва тўғридан-тўғри муносабатларни янада кенгайтириш, давлат хизмати ва давлат хизматчилари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш тарафдоримиз», — қўшимча қилди у.
Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади, дейилади маърузада.
«Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш ва мувофиқлаштириш, жамоатчилик назорати институтини янада кучайтиришни талаб этади. Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга молик масалалар юзасидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат ижтимоий дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини кучайтириш каби масалалар бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади» — деди Наримон Умаров.
Изоҳ (0)