14–15 октябрь кунлари Латвия Республикасининг LTV 1 телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини кенг ёритиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» миллий компанияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ташриф давомида LTV 1 телеканали ижодкорлари Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари – Арк қўрғони, Самонийлар мақбараси, Пойи Калон мажмуаси, Тоқи Заргарон, Тоқи Телпакфурушон, Тоқи Саррафон савдо тоқлари, Мағоки Атторий масжиди, Лаби Ҳовуз мажмуаси, шунингдек, Бухоро шаҳридаги бир қатор қадимий карвонсаройларни тасвирга олди.
Тасвирга олиш гуруҳи, шунингдек, Бухоро шаҳридаги «Чинор» ресторанида Бухоронинг бутун дунёга машҳур бўлган таомларидан бири – кабобни тайёрлаш жараёнини суратга олди.
Бундан ташқари, LTV 1 телеканали ижодкорлари Бухородаги хонадонлардан бирига ташриф буюриб, ўзбек хонадонларида қадимдан сақланиб қолган урф-одатлар, меҳмонларни қабул қилиш жараёни билан қизиқиб, ўзбек миллий таомларидан тандир сомсани тайёрлаш жараёнини суратга олди.
Изоҳ (0)