20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқди, деб хабар беради ЎзА.
Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошлади.
Муҳокама чоғида шу нарча алоҳида таъкидландики, қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида қабул қилинаётган бўлиб, у коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлигини оширишга, шунингдек, жамият ҳаётининг барча соҳаларида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишга қаратилгандир.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатни муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Парламент қуйи палатаси депутатлари ўз ишларини «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиш билан давом эттирди.
Мунозаралар якунларига кўра депутатлар ушбу қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилди.
Масъул қўмиталарга келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда мазкур ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси топширилди.
Изоҳ (0)