Баҳрайн мезбонлигида ўтаётган ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси кетма-кет икки ғалабани қўлга киритиб, чорак финал масаласини муддатидан олдинроқ ҳал қилди.
Хитойга қарши бўлиб ўтадиган 3-тур натижаси қандай бўлса ҳам, Ўзбекистон «D» гуруҳини биринчи ўринда якунлаб бўлди.
«Ўз шогирдларим билан фахрланаман. Улар илк дақиқадан бошлаб, то охирги сонияга қадар кураш олиб боришди. Ҳарактер намойиш этиб, 3 очкони олишди. Ғалаба жуда муҳим эди, мен бахтлиман», — деб фикр билдирди ўйиндан кейин бош мураббий Жасур Абдураимов.
Австралия термаси устози Уфук Талай эса шогирдлари Ўзбекистондан ҳар жабҳада мағлуб бўлганини тан олди: «Хатоларимиз учун жазоландик. Етарли даражада яхши ўйнай олмадик. Рақиб дарвозаси олдида етарлича ҳужум қилмадик. Ўзбекистон эса жуда яхши ҳимояланди. Уларга гол уриш қийинлигини билардик».
Маълумот учун, Ўзбекистон термаси 1-турда Тожикистон устидан иродали ғалабани қўлга киритганди. Австралияга қарши ўйинда эса 1 та қизил карточка ва дарвозага белгиланган 2 та 11 метрлик зарба ҳам Ўзбекистон ёшларининг ғалабасига ҳалал бера олмади.
Изоҳ (0)