6–7 октябрь кунлари Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик бюроси ходими Сара Мюррель Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари ҳамроҳлигида Жиззах ва Самарқанд шаҳарларида бўлди. Жиззахда Мюррель хоним шаҳар ҳокимиятидаги «ягона ойна» хизмати фаолияти билан танишди, деб хабар беради UzDaily.
Таъкидланишича, Буюк Британия ТИВ томонидан молиялаштирилиб, БМТ Тараққиёт дастури томонидан Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятларида давлат хизматлари ва жамоат ахборотини олишни яхшилаш лойиҳаси доирасида «ягона ойна» орқали кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, «ягона ойна» марказлари фаолияти бўйича қўлланма чоп этилди, маҳаллий ҳокимиятлар ва Халқ депутатлари вилоят кенгашлари «Очиқ маълумотлар» порталларини ишлаб чиқишга ёрдам кўрсатилди, шунингдек, давлат муассасалари ва ОАВ вакиллари учун очиқ маълумотлар бўйича семинар-тренинглар ўтказилди.
Самарқандда Мюррель хоним «Сабр» маркази, Самарқанд шаҳар педагогика коллежи қошидаги Маҳаллий ривожланиш марказида бўлди. У ерда Буюк Британия ТИВ молиявий кўмагида маҳаллий аҳолини профессионал кўникмаларга ўргатиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Меҳмонларга «Сабр» ННТнинг яратилиши ҳамда унинг Англиянинг «Хейвен-Вулверхемптон» ННТ билан 19 йиллик ҳамкорлик тарихи юзасидан қисқача ахборот тақдим этилди.
Маҳаллий ривожланиш марказида меҳмонларга лойиҳа доирасида жиҳозланган ўқув аудиториялари намойиш этилди. Улар профессионал кўникмалар ҳосил қилиш бўйича ўқув модуллари, шунингдек, молиявий саводхонлик ва бизнес режалаштириш бўйича интерактив тренинглар ўтказиш бўйича модуллар билан таништирилди.
Сара Мюррель Жиззах ва Самарқандда олиб борилаётган ишлардан мамнунлигини билдирди.
Изоҳ (0)