Тадқиқотчи Тимур Нурулин Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар кўчасини реконструкция қилиш бўйича таклиф-лойиҳани тақдим этди. «Shosh.uz»нинг ёзишича, лойиҳа Тошкентнинг Эски шаҳар қисмини реконструкция қилиш бўйича 2020 йилга қадар мўлжалланган дастур доирасида ишлаб чиқилган.

Мазкур лойиҳа Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги кўчаларда, бир томондан — маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олиб, табиий қурилиш материаллари, анъанавий меъморий ечим ва нақшларни қўллаган ҳолда жойнинг тарихий қиёфасини қайта тиклаш, бошқа томондан — барча коммуникацияларни ўтказган ҳолда аҳоли турмуш шароитларини яхшилашни назарда тутади.

Лойиҳа турар-жой фондининг тубдан реконструкция қилинишини кўзда тутмайди, аксинча, мавжуд кўринишга янги сайқал бериб, фасад эстетикасини яхшилаш, алоҳида ҳолларда эса қўшимча иншоотлар қуришни таклиф қилади (масалан, кўча томонда сувенирлар, ҳунармандчилик буюмларини сотишга мўлжалланган расталар қўшилган).

Foto: “Shosh.uz”

Фото: «Shosh.uz»

«Буларнинг бари Эски шаҳар кўчалари бўйлаб сайр қилаётган шаҳарликлар ва Тошкент меҳмонларига бу бинолар қурилган XIX аср охири — ХХ аср бошидаги муҳитни ҳис қилишга имкон беради», — деб ёзади «Shosh.uz».

Foto: “Shosh.uz”

Фото: «Shosh.uz»

Мазкур реконструкция лойиҳаси қачондир амалга ошириладими-йўқми, бунга аниқлик киритилмаган.

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.