АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп дебатлардаги рақиби, Демократик партиядан номзод Ҳиллари Клинтон яхши чиқиш қилиш учун допингдан фойдаланган деб тахмин қилди. Шу муносабат билан у Клинтонга келаси дебатлардан олдин допинг-тестдан ўтишни таклиф этди. Бу ҳақда CNN телеканали маълум қилди, деб ёзади «РБК».
Трампнинг таъкидлашича, Клинтон ўтган якшанбадаги дебатларнинг бошланишида кўпроқ фаол бўлган, бироқ унинг охирига келиб анча қувватсизланган. CNN’нинг қўшимча қилишича, Трамп сўзларини исботловчи далиллар келтирмаган.
«Биз келаси дебатлардан аввал допинг назоратидан ўтишимиз керак деб ўйлайман. Чунки Клинтон билан нима юз бераётганлигини билмайман. Охирги дебатларнинг бошида у худди допинг қабул қилгандек эди, охирига келиб эса уни олиб кетишларини сўрагудай бўлди. У машинагача зўрға етди», — деди Трамп.
Клинтон штаби Трампнинг бу сўзларини сайловлар бошланишига бир неча ҳафта қолганида уни бузишга шармандали уриниш деб ҳисоблади.
Изоҳ (0)