Эрон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Сардор Азмун Тошкентдаги беллашувдан кейин «Эрудит Спорт» газетасига қисқа интервью берди.
Интервью олдидан Россия Премьер-Лигасида тўп сурадиган Азмун рус тилида сўзлаша олмаслигини маълум қилган. Самарқандлик журналист Усмон Ибодов эса форс ва тожик тиллари бир-бирига яқин бўлгани учун, сухбат уюштиришда қийинчиликка дуч келмаган.
«Фикримча, Ўзбекистон терма жамоаси ўз ўйинини намойиш қила олмади. Мураббийлар бизга рақибни ўрганиб, унинг қандай кучга эга экани ҳақида айтишди. Кўрсатмаларни тўғри бажариб, рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмадик. Шунга қарамай, мен Ўзбекистонни кучли рақиб деб ҳисоблайман», — деб айтиб ўтган Сардор Азмун.
Футболчи Россия Премьер-Лигасида тўп сурадиган Одил Аҳмедов билан машғулот вақтида нима тўғрисида гаплашганига ҳам ойдинлик киритган:
«Аҳмедов билан Россия чемпионати доирасида учрашиб турамиз. Унинг захира ўриндиғида эканини кўриб, кўришдим. Жароҳати борлигини билгач, тезроқ соғайишини айтдим, у ҳам менга омад тилади».
«Ўйинга захирадан қўшилишим мураббийлар тактикаси эди. Афсуски, иккинчи бўлимда иккита яхши имкониятдан гол ура олмадим. Стадиондаги муҳит менга ёқди. Жаҳон Чемпионатига Эрон билан Ўзбекистонга бирга йўл олишини истардим», — деб фикрини якунлаган Сардор Азмун.
Изоҳ (0)