Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Кенгаши жаҳон чемпионати финал босқичининг иштирокчилари сонини ошириш ғоясини ижобий қабул қилди. Бу ҳақда ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилотнинг Цюрих шаҳрида ўтаётган Кенгаш йиғилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Олдинроқ Инфантино ЖЧ–2026 иштирокчилари сонини 32 тадан 40 тагача, кейинроқ 48 тагача ошириш таклифини билдирди. Ушбу масала юзасидан қарор 2017 йилнинг январь ойида қабул қилиниши кутилмоқда.
«ФИФА Кенгаши ЖЧ иштирокчилари сонини ошириш ғоясини ижобий қабул қилди. Бизда Европа чемпионати иштирокчиларини 24 тагача оширган УЕФАнинг яхши намунаси бор. ЖЧ иштирокчилари 40 ёки 48 та бўлиши январь ойида аниқланади», – деди Инфантино.
«ЖЧ иштирокчилари сонини ошириш сифатга таъсир қилади, деб ҳисобламайман. Ўтган жаҳон чемпионатини эсланг. Италия ва Англия гуруҳдан чиқа олмаганди. Футбол ривожланмоқда ва биз унинг ўсишда давом этишига ёрдам беришимиз керак. Иштирокчилар сони кўпайганда, турнир даражаси ошади», – дея қўшимча қилди ФИФА президенти.
Маълумот учун, ФИФА Кенгашининг Цюрихдаги йиғилиши 13–14 октябрь кунлари бўлиб ўтмоқда.
Изоҳ (0)