2016 йил 13 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш натижадорлигини муҳокама қилишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев олиб борди.
Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизациялашни чуқурлаштиришнинг энг муҳим вазифаларини бажариш, жорий йилда фойдаланишга топшириладиган энг муҳим объектларни ишга туширишни сўзсиз таъминлаш, маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, маҳаллий маҳсулотлар экспортини кўпайтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқилди ва танқидий таҳлил қилинди.
Қайд этилдики, жорий йил 9 ойи якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7,8 фоизни, саноат ўсиши 7,2 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми ўсиши 15 фоизни, чакана савдо айланмаси ўсиши 14,2 фоизни, хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсиши 12,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича дастурий чора-тадбирлар фаол амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 6,4 фоизга ўсиши таъминланди.
Изоҳ (0)