Apple’нинг Брисбен шаҳридаги дўконларидан бирида ходимларнинг бир гуруҳи бошқа ходимларни ва харидорларни суратга олганлиги, бундан ташқари уларнинг мобил қурилмаларидан суратлар ўғирлаганлиги маълум бўлди. Apple ҳодиса юзасидан текширув ўтказди. Бу ҳақда Австралиянинг Courier Mail газетаси маълум қилди, деб ёзади TJournal.
Apple’нинг Кэриндейлдаги (Брисбен шаҳрининг чекка қисми) дўкон ходимларидан бири техниклардан бирининг қурилмаларни таъмирлаш хонасида мижоз телефонидаги суратларни томоша қилаётганлигини кўриб қолган.
Газетанинг маълум қилишича, дўкон ходимлари ва мижозлари бўлган аёлларнинг 100 дан ортиқ сурати олинган. Суратлар яқин масофадан олинган, нашр уларни ахлоқсиз суратлар деб атаган.
Бундан ташқари, суратларнинг бир қисми мижозлар алмаштириш ёки тузатиш учун олиб келган мобил қурилмалардан ўғирланган. Янги ва ўғирланган суратлар бир неча ходимлар орасида муҳокама этилган. Улар суратларни чат орқали алмашиб, суратга олинган кишиларга бир баллдан ўн баллгача бўлган шкалада баҳо берган.
Можаро туфайли тўрт нафар ходимнинг ишдан бўшатилганлиги таъкидланмоқда.
Изоҳ (0)