Тошкент шаҳридаги Республика олимпия захиралари теннис мактабида 11 октябрь куни Tashkent Challenger–2016 теннис турнирининг биринчи давра учрашувлари давом эттирилди. Бу ҳақда «Sports.uz» хабар бермоқда.
ATP рейтингида 521-ўринда бораётган 22 ёшли ўзбекистонлик Санжар Файзиев илк даврада россиялик таниқли теннисчи, дунё рейтингида 97-ўринда бораётган 26 ёшли Евгений Донскойга қарши кортга чиқди. Кескин ва муросиз курашлар остида ўтган беллашувда Ўзбекистон вакили 4:6, 6:3, 7:6 ҳисобидаги иродали ва сенсацион ғалабани қўлга киритди.
Жуфтлик баҳсларининг биринчи даврасидан муваффақиятли ўтган Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин (125-ўрин) яккалик баҳслари илк даврасида франциялик Глеб Сахаровга (285-ўрин) қарши баҳс олиб борди ва 6:3, 6:3 ҳисобида ишончли ғалабани расмийлаштирди.
Аввалроқ ўзбекистонлик теннисчилардан Жўрабек Каримов, Шониғмат Шофайзиев ва Ҳумоюн Султонов биринчи даврада мағлубиятга учрагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)