Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонасида олдинда турган президентлик сайловлари мавзусига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» хабар бермоқда.
Тадбир чоғида унинг иштирокчилари сайловлар ўтказилишига фаол тайёгарлик кўрилаётгани, давлат раҳбари лавозимига ўз номзодларини илгари сурган сиёсий партиялар ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти, шунингдек, сайлов жараёнида халқаро кузатувчиларнинг иштироки билан боғлиқ масалалар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Тадбирнинг айрим иштирокчилари брифинг якунлари бўйича «Жаҳон» ахборот агентлиги учун интервью берди.
Р. Гунаратна, профессор, Сиёсий зўравонлик ва терроризмни ўрганиш бўйича халқаро марказ директори:
«Ўтган йили Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган чоғимда республика сайлов тизими халқаро андозаларга тўла мос келишига шахсан амин бўлган эдим. Олдинда турган сайловлар ҳам барча номзодларга бирдек ҳуқуқлар тақдим этилган ҳолда соғлом рақобат муҳитида ўтишига шубҳа йўқ. Ўзбекистон халқи мустақил мамлакатнинг янада ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун давлат раҳбари лавозимига муносиб номзодни сайлашига ишончим комил».
Д. Сингх, Ю. Исҳоқ номидаги Жануби-Шарқий Осиё масалаларини ўрганиш институтининг минтақавий ва сиёсий тадқиқотлар дастурлари мувофиқлаштирувчиси:
«Барча сайловларда Ўзбекистон фуқаролари қатнашувининг юқори даражаси уларнинг давлат ҳаётида фаол иштирок этишдан манфаатдор эканликларидан ҳамда барқарор ва фаровон жамият эгалари бўлишга қаратилган истак-интилишларидан далолат беради. Сайловларда барча сиёсий партияларнинг иштирок этиши, шубҳасиз, уларга тенг шароитлар яратилганини англатади. Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон бу соҳада илғор халқаро тажрибани қўлламоқда».
Изоҳ (0)