«Оила ва жамият» ҳафталик газетаси муаллифи помидор нархининг қимматлиги ҳамда ушбу маҳсулот танқислиги Ўзбекистонга кириб келган зараркунанда билан боғлиқлигини аниқлади. Материал мазмунини 1News келтирди.
Журналист билан суҳбатлашган респондентларнинг фикрича, ўтган қиш совуқ бўлмагани боис жорий йилда зараркунандалар айниқса кўпдир. Жумладан, помидорлар ҳосилига зарар келтирувчи ҳашаротлар ҳам кўпайиб кетди. Мутахассислардан бирининг маълум қилишича, ушбу ҳашаротларнинг ватани Жанубий Америкадир. Ўтган асрнинг 80-йилларида Жанубий Америка томат куяси (Tuta absoluta Povolny) дунёнинг кўплаб мамлакатларида тарқалди. 2010 йилда у Россияда аниқланди, энди эса Ўзбекистонга ҳам кириб келгани маълум бўлди. Олимлар ҳозирча зараркунандага қарши курашишнинг муваффақиятли йўлларини топа олмаяпти.
Марказий Америка ҳудудидан тарқала бошлаган зарарли куя айни пайтда Жанубий Америка, Европа ва Ўрта Ер денгизи мамлакатларида учрайди. У туфайли бир қатор мамлакатларда карантин эълон қилинган. Томат куяси, помидордан ташқари, картошка, бақлажон ва қалампир ҳосилини ҳам нобуд қилиши мумкин. У туфайли ҳосил ҳамда маҳсулотнинг сифати ёки товар кўриниши йўқолиши даражаси 35–100 фоиз атрофида баҳоланади. Зараркунанда юқори фаоллиги ва мослашувчанлиги билан ажралиб туради.