Ўзбекистонда 15 октябрдан «Юлдузча» болалар вокал телевизион танловининг биринчи мавсуми намойиш этила бошланади. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, шоу «Наво» ва «Болажон» телеканаллари орқали намойиш этилади.
«Юлдузча» танловининг биринчи сони 15 октябрь куни соат 18:00 да «Наво» телеканали орқали кўрсатилади, 16 октябрь соат 10:00 да эса «Болажон» телеканали орқали такроран намойиш этилади.
Танловдан кўзланган мақсад — ёш иштирокчиларнинг классик, миллий, фольклор ва эстрада мусиқасининг турли йўналишларидаги индивидуал маҳоратини кўтариш, ёш яккахонларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли болаларни қидириш, ижодкор ёшлар билан ишлашнинг ташкилий шаклларини такомиллаштириш. Танловда 6–14 ёшдаги болалар иштирок этиши мумкин.
Иштирокчилар нафақат қўшиқ куйлашда, балки хореография ва созандаликда ўз маҳоратини кўрсатиши мумкин. Иккинчи турда иштирокчилар жамоалар таркибида чиқишлар қилади. Ҳайъат аъзолари дунё тилларида ижро этилган қўшиқларни баҳолаши лозим бўлади.
Танлов ташкилотчиси — Ёшлар ташаббуслари маркази, «Камолот» ЁИҲ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ва Халқ таълими вазирлиги кўмагида.
Изоҳ (0)