Ўзбекистон Футбол Федерациясининг анжуманлар залида мамлакат ёшлар терма жамоасини Осиё Чемпионатига кузатиш олдидан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Жасур Абдураимов мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 13 октябрь Баҳрайнда старт оладиган Осиё Чемпионатида иштирок этади. 30 октябрь куни якунига етадиган турнирнинг ярим финалига қадар етиб борган жамоалар 2017 йилги Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Ёшлар терма жамоаси билан учрашувда ЎФФ вице-президенти Сардор Раҳматуллаев, терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов, ПФЛ раҳбари Фарҳод Магомедов иштирок этди.
9 сентябрь куни ЎФФ анжуманлар залида Темур Олимхўжаев бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирларини Осиё Чемпионатига кузатиш маросими бўлиб ўтганди. Ёшларникидан фарқли равишда унда ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ва миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этганди.
Якунда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси чорак финалда Ироқдан енгилиб, Жаҳон Чемпионатидан четда қолиб кетди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қитъа чемпионатининг «D» гуруҳида Хитой, Австралия ва Тожикистон билан беллашади.
Изоҳ (0)